Трамп Қозоғистон ва яна 13 та давлатга қўшимча божлар жорий қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп 1 августдан бошлаб 14 мамлакатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга янги бож ставкаларини жорий этишни маълум қилди.
Бу чора АҚШнинг ташқи савдо тақчиллигини камайтириш мақсадида кўрилмоқда. Рўйхатда Қозоғистон ҳам бор — бу мамлакатдан келтириладиган товарларга 25% лик бож белгиланди.
Оқ уйнинг расмий баёнотига кўра, АҚШ бир неча давлатлар билан савдо мувозанатини тиклаш ниятида бўлиб, агар мазкур давлатлар ўз томонларидан жавоб чоралари кўрса, Вашингтон божларни янада оширишга тайёрлигини билдирди.
Трамп томонидан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаевга йўлланган хатда, АҚШ бу мамлакат билан савдо алоқаларини давом эттиришга тайёрлиги, лекин АҚШда ишлаб чиқариш ташкил этилса, божлар бекор қилиниши мумкинлиги қайд этилган.
Иқтисодчиларнинг баҳолашича, Қозоғистон билан савдода мавжуд 1,3 млрд долларлик тақчиллик АҚШнинг умумий дефицитида атиги 0,1% улушга эга. Шу боис, айрим мутахассислар ушбу бож ставкасини иқтисодий асосдан кўра сиёсий ҳаракат деб баҳоламоқда.
Маълумотларга кўра, АҚШ Қозоғистондан нефть, уран, ферроқотишмалар, қайта ишланган ёқилғи, қимматбаҳо металлар ва кумуш каби хомашё маҳсулотларини импорт қилади. Айнан шу олти турдаги маҳсулот импорти савдо тақчиллигини шакллантираётган асосий омиллардан бири сифатида қайд этилган.