Ўзбекистонда турагентлик фаолиятига оид янги қонун қабул қилинди
Ўзбекистонда турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш тартиби бекор қилинади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
29 апрель куни қабул қилинган қонунга кўра, турагентлик фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома юбориш тартиби жорий этилади.
Янги қонун лойиҳаси бўйича, тадбиркорлик субъектларининг 12 турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабарнома олиш талаби бекор қилинади. Бунда, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш бўйича аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратиш белгиланган. Шу билан бирга, турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия хабарнома шаклига ўтказилмоқда.
Бу қонун лойиҳаси орқали тадбиркорлар учун фаолиятни бошлаш ва тугатиш жараёни янада соддалаштирилади, бозорда тенг шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини таъминлашга катта ёрдам беради.
Ҳозирги вақтда турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш учун ариза топшириш ва БҲМнинг 2,5 баравари миқдорида йиғим тўлаш талаб этилади.
Янги қонун орқали эса хабарнома юбориш кифоя бўлади, бу эса бизнесни бошлаш ва бошқариш жараёнини сезиларли даражада соддалаштиради.