“Хоразм — Қорақалпоғистон” туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилади
“Хоразм — Қорақалпоғистон” туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳудудларни боғлайдиган инфратузилма ривожлантирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бир кун аввал Хива шаҳридаги «Арда Хива» сайёҳлик маркази очилишида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Амударёнинг икки соҳилидаги Хоразм ва Қорақалпоғистон тарихан, маданий жиҳатдан узвий боғлиқ бўлиб, уларни ягона туризм ҳудудига айлантириш режалаштирилмоқда.
Элликқалъа туманидаги Аёзқалъа ва Тупроққалъа ёдгорликлари, Ахчакўлдаги пляж туризми, Берунийдаги Султон Увайс қадамжоси каби обидалар янги туризм ҳалқасининг муҳим қисмларидан бири бўлади. Ушбу масканларга борадиган йўллар ва йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш дастури бошланади. Хусусан, Урганч — Гурлан — Манғит автомобиль йўли тўлиқ реконструкция қилинади.
Президент Бухоро — Урганч — Хива темирйўли тўлиқ электрлаштирилгани ва 2026 йилда Жалолиддин Мангуберди номидаги тезюрар поездлар йўлга қўйилиши, келгусида эса бу поездлар қатнови Нукусгача режалаштирилишини таъкидлади.
Хива туманидаги 2400 гектар ер шаҳар ҳудудига қўшилиб, унда “Саҳро юлдузи” туристик комплекси барпо этилади. У ерда меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар объектлар, гастрономик кўчалар, музейлар, экоуйлар ва экстремал туризм масканлари қурилади. Тупроққалъа чўл ҳудудида эса 5000 гектар майдонда сафари ва ов туризми йўлга қўйилади.
Шунингдек, Ғазовот, Полвон ва Шовот каналлари бўйларида 80 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади. Хоразмнинг бир нечта туманларида эса “туризм қишлоқлари” ташкил этилади.
Маъмун академияси олдидаги боғ “Буюк алломалар” номли очиқ осмон остидаги смарт музейга айлантирилади, бу орқали хорижий тилларда ҳам интерактив маълумотлар берилади.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида: “Аминманки, сиз, азизлар билан фидо меҳнат қилиб, Хоразм ва Қорақалпоғистонни дунёдаги энг гўзал ва обод, илм-фан ва инновациялар, маданият ва санъат янада ривожланган заминга айлантирамиз”, — деди