Ўзбекистонда туризмнинг янги турлари жорий қилинади
Вазирлар Маҳкамаси томонидан туризмнинг янги турлари жорий қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарор 2025 йилнинг 1 январидан татбиқ этилади. Бу ҳақида Lex.uz да батафсил маълумот берилган.
Қонун туризмнинг янги турларини жорий қилиш орқали маҳаллий ва хорижий туристлар учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш, туризм салоҳияти юқори ҳудудларда туристик хизматларни кўпайтириш, шунингдек, 2024 йилда стратегик йўналишлардаги ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда.
Унга кўра, туризмнинг қуйидаги турлари ташкил қилинади:
• маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишни назарда тутувчи саноат туризми;
• олтин, руд ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геологик объектларида технологик жараёнларни, шу жумладан, тоғ жинсларини портлатиш тадбирларини бехатар масофадан кузатиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш, тоғ рельефлари бўйича экскурсияларини ташкил қилишни назарда тутувчи геология туризми;
• илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар, обсерваториялар ҳамда планетарийлар, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларга ташриф буюриш орқали фан ва техника ютуқлари билан танишишни назарда тутувчи илмий туризм;
• ҳарбий тарих ва фаолият билан боғлиқ жойларга ташриф буюриш, ёдгорликлар ва тадбирларда қатнашиш, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳудудларда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилишни назарда тутувчи ҳарбий туризм;
• мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, давлат органлари ва ташкилотларининг тарихи ва фаолиятини акс эттирувчи жойларга, хусусан, ҳукумат бино ва иншоотларига ташриф буюришни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми.
Қарорга кўра, туризмнинг янги турларини жорий этиш, уларнинг кириш-чиқиш тартибини ишлаб чиқиш, пулли ва бепул кўрсатиладиган хизматларни белгилаш ва маблағлардан самарали фойдаланишга масъул этиб вазирликлар белгиланди.
• Саноат туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги;
• Геология туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
• Илмий туризм бўйича-Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар Академияси;
• Ҳарбий туризм бўйича — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;
• Давлат-бошқарув туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.