Туркия «Марказий Осиё» атамасини «Туркистон»га ўзгартиради
Туркия Миллий таълим вазирлиги тарих фани ўқув дастурида «Марказий Осиё» атамасини «Туркистон»га алмаштиришини маълум қилди. Бу ҳақида TRT хабар берди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур қарор келажак авлодларда миллий ўзликни англаш ва ватанпарварликни мустаҳкамлашга қаратилган.
«Келгуси даврни турклар даврига айлантириш учун елкама-елка ҳаракат қилиб, «Турк асри» ҳақидаги тасаввурларни Туркий Давлатлар Ташкилотига ҳам етказамиз», дейди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Доцент Рамин Содиқ Таълим вазирлиги қарорига бериб, «Туркистон» концепцияси ва унинг Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликларга киритилиши жуда тўғри қарор эканини таъкидлаган.
«Туркларнинг ватани маъносини англатувчи Туркистон сўзи тарихнинг энг қадимги даврларидан бери қўлланилган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида руслар босқинчилиги натижасида Туркистон номи ўрнига Ўрта Осиё тушунчаси кириб келди ва тарқалди», дейди профессор Аҳмет Тасагил.
Мутахассис турк дунёси учун тарих, география, адабиёт, харита ва алифбо яратиш борасидаги фаол қадамлар даврида Миллий таълим вазирлигининг «Туркистон» атамасини дарсликлар, жумладан, болалар учун мўлжалланган қўлланмаларга киритиш тўғрисидаги қарорини муҳим ўзгариш деб атади. Унинг фикрича, бу ўзгаришлар нафақат Туркия, балки бутун туркий дунё, шунингдек, туркий халқларнинг ҳамкор давлатлари учун муҳим ҳодисадир.