Туроператорлар 25 млрд сўмгача кредит олишлари мумкин
Ўзбекистонда туроператорларга хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш учун 25 млрд сўмгача кредит берилади. Бу ҳақидаги қарор Lex.uz да эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 27 сентябрь куни «Республикада хорижий туристлар оқимини янада ошириш ҳамда соҳада экспорт олди молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 610-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали резидент бўлган ва кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи туроператорларни айланма маблағлар билан таъминлаш учун йиллик 14% ставка бўйича лли валютада 50 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади.
Бунда йиллик фоиз ставкасининг 3% дан ошмайдиган миқдорда банк маржаси белгиланади, кредит маблағлари эса туроператорларга 10 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратилади.
Туроператорларга кредитлар тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри тақдим этилади.
Ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишни таъминлаш учун туроператорлар хизмат кўрсатилаётган хорижий сайёҳлар ва улардан олинадиган даромадни 25% га ошириш бўйича мажбурият оладилар.
Ажратилган кредитларни қуйидагиларга сарфлашга йўл қўйилмайди:
• илгари олинган кредитлар ёки бошқа қарзларни қайтаришга;
• алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга;
• ишлаб чиқариш (хизмат) мақсадларида фойдаланилмайдиган шахсий мулкни (мебель, мобил телефон, маиший техника ва ҳ.к.) сотиб олишга;
• автотранспорт воситаларини (қиймати кредит суммасининг 40% гача бўлган, 8 ва ундан ортиқ киши сиғадиган енгил автомобилларни сотиб олиш бундан мустасно) сотиб олишга;
• маъмурий харажатларни, шу жумладан хизмат автомобилларини тўхташ жойига қўйишни қоплашга;
• бино ва иншоотларни сотиб олиш ва қуришга.
Хусусан, ушбу қонун 2024 йил 30-cентябрьдан бошлаб кучга кирган.