Ucell’нинг янги ягона контакт маркази очилди
Кеча Восит Воҳидов кўчасида Ucell’нинг янги контакт маркази тантанали равишда очилди.
Замонавий марказ 9 миллион абонентдан келиб тушадиган юз минглаб қўнғироқларни сифатли қайта ишлаш учун ташкил этилган. Тошкент ахборот ва маълумот бўлимида 110 та, телесотиш бўлимида эса 105 та оператор ишлайди. Ҳар бир иш жойи профессионал компьютер билан жиҳозланган, офис узлуксиз электр таъминоти ва жиҳозлар билан таъминланган.
Янгиланган контакт маркази оддий ҳамда корпоратив тариф фойдаланувчилари учун куну тун маълумот хизматларини тақдим этади. Теле-савдолар қўнғироқлар орқали амалга оширилиб, улар давомида компаниянинг янги маҳсулот ва хизматлари таклиф этилади.
Контакт марказида 6 та йирик монитор ва 2 та мониторли мобил девор ўрнатилган бўлиб, улар ходимларга реал вақт режимида нечта абонент навбатда турганини кузатиш имконини беради. Иш жойлари шовқинни камайтириш учун махсус жиҳозланган. Танаффус пайтида операторлар овоздан изоляцияланган хоналарда дам олишлари мумкин. Шунингдек, қулай мебеллар билан жиҳозланган дам олиш зонаси ва фаол дам олиш учун махсус жой мавжуд. Тез орада интеграциялашган алоқа тизими жорий этилиши режалаштирилган, бу орқали мижоз компания билан ўзига қулай бўлган ҳар қандай канал орқали мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.
Янги контакт марказининг очилиши — бу хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва абонентлар учун ноёб тажриба яратиш йўлидаги муҳим қадамдир. Мижозлар билан алоқа — бу шунчаки зарурат эмас, балки компания учун энг муҳим устувор йўналишдир. Ҳар бир қўнғироқ, ҳар бир хабар мобил операторга фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини эшитиш, тушуниш ва уларга энг яхши ечимларни таклиф қилиш имконини беради. Бугун расман очилган контакт маркази бу жараёнларни бутунлай янги сифат даражасида амалга ошириш имконини беради, — деди Андрей Шишковский, Ucell компаниясининг бош директори.
Ucell — Ўзбекистондаги етакчи мобил алоқа оператори бўлиб, абонентларга кенг кўламли рақамли хизматларни, жумладан, 2024 йилнинг биринчи ярмида ООКЛА экспертлари томонидан мамлакатдаги энг яхши деб топилган юқори тезликдаги мобил интернетни тақдим этади. Компания фойдаланувчиларга энг яхши хизматлар ва ҳар бир мулоқот босқичида юқори даражадаги хизмат кўрсатишни кафолатлаш мақсадида ривожланишда давом этади.