Умра лицензиясини олиш учун янги талаблар эълон қилинди

12 октябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги 668-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Қарорнинг мақсади, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия олиш талабларини белгилаш, зиёратчиларга амалларни муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сифатли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаят лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.

Қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:

• Зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
• штатида диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
• вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
• $1 млн миқдордаги маблағни «Зиёрат» жамғармасига захира қилиб қўйиш;
• ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
зиёратчилар учун Саудия Арабистони Подшоҳлигининг фақат «Умра» визасини расмийлаштириш;
• Бунда, «Умра» визасидан ташқари виза билан фуқароларни олиб бориш ноқонуний фаолият ҳисобланади.
• «Умра» хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
• зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
• «Умра» хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;
• «Умра» хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик;

Шунингдек, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.

Қарорлар