Урганчга халқаро тўғридан-тўғри авиарейслар сони кўпайтирилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни бўлиб ўтган йиғилишда Урганч шаҳрига халқаро тўғридан-тўғри авиарейслар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан йўлга қўйилган рейслар ўз натижасини берган. Бироқ Германия, Хитой ва араб давлатларидан тўғридан-тўғри қатновлар йўқлиги учун минглаб хорижий сайёҳлар йўқотилмоқда.

Шу сабабли, масъулларга Франкфурт, Урумчи, Пекин ва Абу Дабидан тўғридан-тўғри авиақатновлар бўйича таклифлар киритиш, сайёҳлик мавсумида эса Истанбулдан Урганчга кунлик рейсларни йўлга қўйиш топширилган.

Хабарга кўра, Урганч аэропорти Жанубий Кореянинг Инчхон аэропорти билан хусусий шериклик асосида реконструкция қилинади. Бинонинг янги кўриниши миллий меъморчилик услубида бўлади.

Шунингдек, президент аэропорт фаолиятини яхшилаш доирасида Корея авиакомпанияларини жалб қилиш, самолёт ва аэропорт сервис ходимларини малака ошириш учун Кореяга юборишни тезлаштириш, Хоразмдаги транспорт ва сервис техникумларида Корея тажрибаси асосида кадрлар тайёрлашни бошлаш бўйича топшириқлар берган.

Ўзбекистон