Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлгани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга муносабат билдирди.

Аввало, айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз, дейилади вазирлик муносабатида.

Маълум қилинишича, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта —  Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.

Мазкур бўлимларнинг барчаси 6 январь кунидан қайта очилди ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлди.

Қолаверса, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган, дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни сўради.

Аввалроқ, метапневмония аниқлангани ҳақда хабар берган эдик.

Ўзбекистон