АҚШ вақтинчалик визалар учун қўшимча тўловни жорий қилади
АҚШга кириш учун ноиммиграцион визагa энди $250 миқдорда visa integrity fee йиғими тўланади. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Бу янги талаб Трамп имзолаган Оnе Big Beautiful Bill Act қонун лойиҳасида кўзда тутилган. Йиғим барча турдаги ноиммиграцион визалар, жумладан сайёҳлик, ишбилармонлик, талабалар ва бошқа вақтинчалик ташрифлар учун амал қилади. Бу тўлов мавжуд виза бўйича ариза тўловларига қўшимча сифатида ундирилади ва виза берилган тақдирда тўланади. Агар виза рад этилса, тўлов олинмайди.
АҚШ Давлат департаментига кўра, 2024 молиявий йилида мамлакат 11 млнга яқин ноиммиграцион виза берган. Янги йиғим инфляцияга мос равишда индексланади. Йиғимни тўлаш механизми ва кучга кириш санаси ҳозирча эълон қилинмаган.
Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, бу чора виза шартларини бузмасликни рағбатлантиришга, айниқса, АҚШда визаси муддати тугагач қолиб кетиш ёки ноқонуний ишлаш ҳолатларини камайтиришга қаратилган. Қонунга мувофиқ, агар сайёҳ виза шартларига риоя қилса, шу жумладан беш кундан ортиқ АҚШда қолмаса ёки носанксион иш билан шуғулланмаса, тўлов кейинчалик қайтарилиши мумкин.
Бироқ, аксарият визалар бир неча йилга берилиши ва қайтариш жараёни мураккаб бўлиши сабабли, АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси кўпчилик фуқаролар тўловни қайтариб олишга уринмаслигини тахмин қилмоқда.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, бу чора визани суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, иммиграцион тартибни мустаҳкамлаш ва чегарадаги хавфсизлик чораларини молиялаштиришни мақсад қилган.