Вояга етмаганлар учун енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати шакллантирилди

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлганлар меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тасдиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида маълумот берилди.

Вазирликка кўра, ушбу рўйхат Меҳнат кодекси асосида, ўқувчиларнинг соғлиғи ва маънавий камолотига зарар етказмайдиган, таълим жараёнига халақит бермайдиган енгил меҳнат турларини белгилаш орқали уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қарор лойиҳаси тасдиқланса, Вазирлар Маҳкамасининг махсус низоми билан расмийлаштирилади.

Рўйхатда 40 дан ортиқ иш турлари келтирилган. Унга кўра, ўқувчилар официант, сотувчи, буюмларни қўлда тахловчи-қадоқловчи, сартарош, деҳқон хўжалиги аъзоси, юкчи каби касбларда фаолият юритишлари мумкин бўлади.

Низомга биноан:

• 16–18 ёшдаги ўқувчиларнинг юк кўтариш нормаси 4,1 кг дан ошмаслиги;

• 16 ёшгача бўлганлар учун юк кўтариш чегараси ўғил болалар учун 6,5 кг, қиз болалар учун эса 3,5 кг бўлиши керак;

• yшбу ёш тоифасидаги шахслар юк ташиш учун аравача ёки вагонеткалардан фойдаланишга жалб этилмайди.

15 ва 16 ёшдаги ўқувчиларни ишга қабул қилиш учун ота-онасидан ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсдан ёзма розилик олиниши шарт. Барча ишга қабул қилинувчи вояга етмаганлар оғир, зарарли ёки хавфли меҳнат турларига жалб қилинмаслиги лозим.

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган ходимга меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда шикаст етказилган тақдирда, иш берувчи етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш мажбуриятига эга бўлади.

Янги низом тасдиқлангач, у мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлади. Қоидаларга амал қилмаган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чораси кўрилади.

 

Қарорлар