Ўзбек тилида хизмат кўрсатмаган Wizz Air ходимларига нисбатан чора кўрилди
WizzAir авиакомпанияси Ўзбекистонга амалга оширган рейсларида ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатишни таъминлайди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳаво транспортида хавфсизлик қоидалари ҳамда маълумотлар барча йўловчилар учун аниқ ва тушунарли берилиши муҳим. Учиш даврида хавфсизлик қоидалари ҳақидаги маълумотлар хорижий тилда берилиши йўловчиларни тушунмовчилик ва ёки қийинчиликка олиб келиши мумкин.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Расул Кушербаевнинг Самарқанд—Абу Даби йўналиши билан Wizz Air авиакомпанияси томонидан кўрсатилган хизматлардан фойдаланганда айнан шундай муаммога дуч келгани юзасидан қолдирган мурожаатини кўриб чиқди.
Ўрганишлар натижасида аниқланишича, мурожаатчининг учиш даврида авиакомпаниянинг экипаж аъзолари томонидан хорижий тилда хавфсизлик қоидалари ҳақида маълумот берилган, бу қоидаларни ўзбек ва рус тилларида тушунтириб беришлари сўралганида ходим унга нисбатан қўпол муомалада бўлган, бортни тарк этишни талаб қилган ва шу тарзда фуқаро мазкур рейсда Абу Дабига етиб борган.
Қўмита томонидан Транспорт вазирлигига ўрганишлар юзасидан сўров хати юборилган. Натижада ўзбошимчалик билан хатти-ҳаракатларни амалга оширган мазкур авиакомпания ходимларига нисбатан чора кўрилди. Йўл қўйилган қонунбузилишда юзага келган камчилик ва хатоларни бартараф этиш мақсадида экипаж аъзоларига парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, муомала маданияти, ҳар бир мамлакатнинг парвозга алоқадор қонунлари ва тартиб-таомиллари ҳамда авиайўловчиларни ҳурмат қилиш бўйича тренинг курслари йўлга қўйилди.