«Ҳаж» сафари ваъдаси билан одамларни алдаб пул олган шахслар ушланди

Фуқароларни Саудия Арабистонига «Ҳаж» зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан пул олган шахслар ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Хабарга кўра, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими икки нафар фуқарони Ҳаж зиёратига юбориш эвазига $12,8 минг олаётган пайтда қўлга олинган.

Текширув давомида ушбу фирмада ишловчи яна икки ходим ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, Ҳаж сафарига юбориш баҳонасида уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Икки нафар гумондорга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фарғона вилоятида эса Марғилон шаҳрида яшовчи шахс Тошлоқ туманида яшовчи фуқародан Ҳаж сафарига юбориш эвазига $11 минг олаётганда ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши очилган.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жабрланган бошқа фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Сирдарё