Россиянинг Харковга ҳужумлари оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

11 июнга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Shahed туридаги 17 та дрон билан Украина шарқидаги Харков шаҳрига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда «Украинска Правда» нашри хабар берди.

Қайд қилинишича, cоат 00:31 да бошланган ҳужум 00:40 гача давом этган. Слободский ва Основянский туманларига йўналтирилган дрон зарбалари оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлган, 54 киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида 8 нафар бола бор, жумладан 2 ёшли қизча ва 15 ёшли ўсмир ўғил касалхонага ётқизилган.

Ҳужум натижасида кўп қаватли уйлар, хусусий турар жойлар, болалар майдончалари, жамоат транспорти воситалари ва саноат иншоотларига тўғридан-тўғри зарбалар берилган. Турар жойларда ёнғинлар юзага келган, баъзи биноларнинг томлари бутунлай вайрон бўлган, автомобиллар ёниб кетган, портлаш тўлқинидан дераза ойналари синиб кетган.

Хусусан, Слободский туманидаги троллейбус депоси нишонга олинган, бу ерда камида 9 киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, ҳаво электр линиялари, жамоат транспорти инфратузилмаси ва саноат объектлари ҳам жиддий зарар кўрган.

Украина расмийлари вазиятни назорат остига олишга ҳаракат қилаётганини билдирди. Ҳужум ортидан қутқарув ва тиклаш ишлари бошланган.

Жаҳон