ХДП йўналишсиз таксилaр бўйича ҳудудий чекловни конституцияга зид деб топди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси йўналишсиз такси фаолиятига қўйилган ҳудудий чекловлар конституцияга зид эканини маълум қилди. Фракция бу масалада Транспорт вазиридан расмий изоҳ талаб қилиб, сўров юборганини билдирди.
Амалдаги тартибга кўра, йўналишсиз такси ҳайдовчилари фақат ўз яшаш ҳудуди ва унга туташ туманларда хизмат кўрсатиши мумкинлиги тасдиқланган эди. Ушбу чеклов эса кенг жамоатчилик орасида норозилик ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.
ХДП фракцияси бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67 ва 42-моддаларига зид эканини таъкидлади. Мазкур моддаларда давлат иқтисодий макон бирлигини, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаши ҳамда фуқароларга касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқини кафолатлаши келтирилган.
Фракцияга кўра, йўналишсиз такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида қонуний тарзда ишламоқда — улар лицензия олиб, солиқ тўлаб фаолият юритмоқда. Ҳудудий чеклов эса уларнинг меҳнат эркинлигини чеклаб, ноқонуний фаолиятлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан ХДП фракцияси Транспорт вазиридан мазкур ҳолат юзасидан расмий тушунтириш сўраган ва уни транспорт соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун ҳукумат соатига чақирган.