Хитой Марказий банки раисининг ўринбосари пора олгани учун ўлимга ҳукм қилинди
Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Ифей 386 миллион юан ($55 млн) миқдорда пора олгани учун 2 йил кечиктириш билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақида Reuters хабар берди.
Қайд этилишича, 60 ёшли Фан Ифейнинг бутун шахсий мол-мулки мусодара этилади. Унинг барча сиёсий ҳуқуқларидан ҳам умрбод маҳрум қилинади. Агар 2 йилдан сўнг ўлим ҳукми умрбод қамоқ жазосига алмаштирилса, унинг иши бўйича, кейинчалик жазони енгиллаштириш ёки муддатидан олдин озод қилиш имконияти бўлмайди.
Суд Фан Ифейнинг жиноятини жуда оғир вазият деб тан олди ва халқ манфаатларига катта зарар берганлигини таъкидлади. OАВ хабар беришича, айбланувчи ўз айбини тан олиб, қилмишидан чуқур пушаймон бўлган, шунингдек, «ўзлаштирилган маблағларни фаол қайтаришга ҳаракат қилган».