Хитойда заводда содир бўлган портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Хитойнинг Ҳунан провинциясида жойлашган мушак ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, яна 26 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Хитойнинг расмий Xinhua ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса душанба куни эрталаб соат 08:30 атрофида Чангде шаҳри яқинидаги Shanzhou Fireworks Co. корхонасида юз берган. Портлаш сабабли ҳудудда ёнғин чиққан, қутқарув ишларига 28 та сув ташувчи автомашина ва 2 та дренаж воситаси жалб этилган.

Қутқарувчилар томонидан олиб борилган 20 соатдан ортиқ узлуксиз ишлар давомида масофадан бошқариладиган сув пуркагич қурилмалари ёрдамида ёнғин ўчирилган. Шу орқали қутқарувчилар ҳаётига хавф туғдирадиган иккиламчи портлашларнинг олди олинган.

Ҳунан провинцияси ҳокимияти томонидан воқеа сабабларини ўрганиш ва айбдор шахсларни аниқлаб, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш юзасидан махсус тергов гуруҳи тузилган.

 

Жаҳон