Давлат хизматчиларининг хизмат сафари ва харажатлари онлайн назорат қилинади
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг хизмат сафари режаси, натижалари, географияси, ходимлар сони ва харажатларини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади. Бу Президентнинг 20 июнда эълон қилинган фармонида белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш жараёнлари hrm.agros.uz электрон тизими таркибидаги «Хизмат сафари» ягона модули орқали юритилади.
Янги тизим ёрдамида хизмат сафари режаси, унинг натижалари ва харажатлари бўйича маълумотлар реал вақт режимида кузатиб борилади. Шунингдек, хизмат сафарларининг давлат органлари фаолияти самарадорлигига таъсири мунтазам равишда мониторинг қилинади.
Бундан ташқари, ҳар бир хорижий хизмат сафаридан сўнг давлат хизматчилари махсус ҳисобот топширади ва у асосида сафарнинг самарадорлиги баҳоланади.
Фармонда коррупсияга қарши курашиш чораларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ва Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида, раҳбарлик лавозимидагилар ва захира кадрларнинг коррупсияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш механизми жорий этилади.
Коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, «ҳалоллик ваксинаси»ни сингдириш ва ушбу йўналишда превентив чораларни кучайтириш бўйича тадқиқотлар асосида таклифлар ишлаб чиқилади ҳамда баҳолаш услублари такомиллаштириб борилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг лавозим маоши уларнинг иш тажрибаси, илмий ва малака даражаси, иш натижадорлиги ҳамда бошқа кўрсаткичлар асосида шакллантирилади. Давлат хизматига янги қабул қилинган хизматчилар билан дастлаб бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилади ва улар фаолиятининг ижобий натижаларига қараб, бу шартнома номуайян муддатга узайтирилади.