Ўзбекистонликлар «права»сини Россиядаги консулхоналарда янгисига алмаштириши мумкин бўлди
Ўзбекистон фуқаролари учун миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини Россиядаги консуллик муассасалари орқали янгисига алмаштириш тартиби белгиланди.
Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасаларида Ўзбекистоннинг эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш тартиби бўйича вақтинчалик низом тасдиқланган. Унда янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси консуллик муассасаси орқали Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ИИВ ЙҲХББ) томонидан расмийлаштирилиши белгиланган.
Таъкидланишича, талабгор эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун консуллик муассасасига ариза билан шахсан мурожаат қилади. Консуллик муассасаси талабгор номидан сўровномани тўлдириб, бир иш кунида ИИВ ЙҲХББга юборади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тақдим этилган маълумотномани кўриб чиқиб, бир иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ҳамда уни Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментига (ТИВ КҲД) юборади.
ТИВ КҲД эса ҳайдовчилик гувоҳномасини консуллик муассасасига дипломатик почта орқали тақдим этади. Консуллик муассасаси бир иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини эгасига беради ёки асосланган сабабларга кўра уни рад этади. Қайд этилишича, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштириш учун қуйидагилар ундирилади:
- БҲМнинг 70 фоизи миқдорида тўлов;
- 20 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими;
- 20 АҚШ доллари миқдорида ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йиғим.