ДХХ Сурхондарёда ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган эркакни қўлга олди
Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган эркакни қўлга олди.
Маълум қилинишича, бошқарма ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.А.нинг «Redmi 6A» русумли телефон аппарати кўздан кечирилган. Instagram ижтимоий тармоғидаги профилида фуқаро Р.К.нинг «беномозлик, намоз мўмин кишининг ҳужжати, намоз ўқимаган одамнинг ҳужжати йўқлиги…» мавзусидаги видеомаърузаси ва жуда кўплаб диний мазмундаги материалларни жойлаштириб тарқатгани аниқланган.
Тарқатилган материаллар текшириб кўриш учун кўчириб олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага юборилган. Қўмитанинг экспертлик хулосасида А.А.нинг Instagram ижтимоий тармоғида тарқатган видеоматериаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш тақиқлангани маълум қилинган.
А.А.нинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноят таркибининг аломатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддалари талабларини қўллаб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.