«Hamster Kombat» ўйинида тўпланган маблағлар, сотиш мумкин бўлган крипто-актив ҳисобланадими?

Илғор лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) аҳолининг «Hamster Kombat» ўйини билан боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга жавобларни эълон қилди.

«Hamster Kombat» – Play-to-earn ўйинлар тоифасига кирадими?

Play-to-earn – бу ўйиннинг бир тури бўлиб, унда ўйинчилар ўйин орқали ҳақиқий пул ёки бошқа қимматбаҳо мукофотларни қолга киритиши мумкин. «Hamster Kombat» ўйини  эса ушбу тоифага киритилмаган, чунки ўйинда тўпланган тангалар (ҳисоб бирликлари) утилитар крипто-активлардан фарқли ўлароқ реал фойда келтирмайди.

«Hamster Kombat» ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари крипто актив ҳисобланадими?

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра крипто-актив – бу маълумотлар реестридаги тақсимланган (блокчейн) рақамли ёзувлар тўпламига ега бўлган қийматли мулкий ҳуқуқдир.

«Hamster Kombat» ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари бу таърифга мос келмайди ва блокчейнга эга эмас.  Шунга кўра, бу ҳисоб бирликлар крипто-актив эмас.

Бироқ, келажакда «Hamster Kombat» — даги тангалар блокчейнга ўтиши ва шу билан крипто-активга айланиши мумкин.

«Hamster Kombat» ўйинида тўпланган маблағлар крипто платформаларида рўйхатга олинган бўлса, уларни сотиб олиш ёки сотиш қонуний бўладими?

«Hamster Kombat» ўйинида тўпланган ҳисоб бирликларини, агар улар крипто-актив деб тан олинса, фақат крипто-активлар айланмаси соҳасидаги миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали, агар улар котировка рўйхатига киритилган бўлса, сотиб олиш ёки сотиш мумкин бўлади.

«Hamster Kombat» ўйинининг Ўзбекистондаги фаолияти Агентлик томонидан тартибга солинадими?

Hamster Kombat ўйинининг ҳисоб бўлинмаларида блокчейн бўлмаса, уларнинг айланмасини тартибга солиш Агентлик ваколатига кирмайди.

 

 

Янгиликлар