Ўзбекистонда маҳкум аёллар «Янги ҳаёт» дастури бўйича олийгоҳларда масофавий ўқиши мумкин бўлади

Ўзбекистонда маҳкум этилган аёлларни ўқитишга қаратилган «Янги ҳаёт» дастури ишга туширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда маълум қилди.

Давлат раҳбари бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида 2589 нафар аёл жазо муддатини ўтаётганини таъкидлади.

Турли сабабларга кўра, билиб-билмай жиноятга қўл урган ушбу аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлашимиз керак, — деди президент.

Қайд этилишича, жазони ўтаётган аёлларнинг 1239 нафари ўрта маълумотли. Шу билан бирга, уларнинг 443 нафари олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган.

Шу боис бундай хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича «Янги ҳаёт» дастури бошланиши таъкидланди.

Ички ишлар вазирлиги Касбий таълим агентлиги ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан жазони ўтаётган аёлларни 3-6 ойлик касб дастурлари бўйича ўқитиб, сертификат беради.

Шунингдек, маҳкумаларга ўша ернинг ўзида имтиҳон топшириб, олийгоҳларга кириш ва масофавий ўқиш имкониятини яратилади.

Контракт бўйича ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашганидан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

Ўзбекистон