Ўзбекистонда автомобиль харидида бир қатор давлат божлари камайтирилмоқда
Қонунчилик палатасининг 9 март кунги ялпи мажлиси «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг хабар беришича, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда бир қатор давлат божлари камайтирилади.
Жумладан, 2021 йил декабрь ойидан бери кутилаётган иккиламчи бозордан автомобиль харид қилинганда уни бошқа шахс номига нотариал расмийлаштиришда тўланадиган давлат божи ставкалари пасайтирилиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, транспорт воситаси двигатели қувватининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъи назар, унинг олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаш нархи БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланмоқда.
Таклиф этилаётган ушбу ўзгариш натижасида эндиликда битта автомобиль олди-сотдисини нотариал тасдиқлаш харажатлари ўртача 1 миллион сўм атрофида камайишига эришилади. Нархи қиммат автомобилларда эса бундан ҳам кўпроқ тежаб қолинади.
«Бугунги кунда мамлакатда бир йил давомида ўртача 400 мингдан ошиқ иккиламчи автомобиль олди-сотдилари амалга оширилишини ҳисобга олсак, бу қонун лойиҳасини кучга кириши билан йилига давлат божи тўловларидан тежалган 400 миллиард сўм атрофида маблағ фуқароларимиз ёнида қолишини англатади.
Шунингдек, бегона шахсга автотранспорт воситасини тассарруф этиш ҳуқуқи билан нотариал ишончнома бериш (халқ тилида ‘гендоверенност’) божи ҳам камайтирилиб, БҲМ нинг 2 баробари (540 минг сўм) этиб белгиланмоқда.
Умид қиламизки, халқимиз учун фойдали бўлган мазкур қонун лойиҳаси қисқа муддатларда кейинги ўқишларда ҳам қабул қилиниб, Сенатга юборилади ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, ижрога йўналтирилади», — деб ёзиб қолдирган депутат.