Қашқадарёда пахта ёғи маҳсулотининг қўлбола усулда ишлаб чиқарилаётгани аниқланди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида қўлбола усулда ишлаб чиқарилган пахта ёғи маҳсулотининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар қилди.
Хабарга кўра, фуқаро М.Д. Qarshi yog’ ekstraktsiya AJ номи остида қалбаки ёрлиқлар ёпиштирилган ҳар бир қадоғи 4,2 килограмм бўлган 103 дона қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғини харидорга 5,1 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан ушланган.
Таъкидланишича, ушбу пахта ёғи истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш) ва 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.