Тошкент вилоятида дориларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган фуқаролар ушланди
Тошкент вилоятида дори воситаларини ноқонуний сотаётганлар аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.
Хабарга кўра, фуқаро М.А. ва бошқалар дори воситаларини дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, хорижда ишлаб чиқарилган 750 флакон Remdisivir for Injektor 100mg номли дори воситаларини 30 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДБҚнинг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ушланган.
Бундан ташқари, фуқаро С.А. 3 турдаги 10 740 қути дори воситаларини 10 200 АҚШ долларига дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида сотган вақтида ашёвий далиллар билан Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Юнусободда дори воситаларини ноқонуний сотаётган шахслар ушланди, деб хабар берган эдик.