Барча давлат идораларида энергия менежери лавозими жорий этилади

«Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада жадаллаштириш ва республиканинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2025 йил 1 январдан барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларида амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги бўйича вазифалар юклатилади ҳамда энергия менежери (Energy Efficiency Manager) лавозими киритилади.

Раҳбарият учун энергия ресурсларини тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни жорий этиш бўйича асосий кўрсаткичлар (KPI) жорий этилади.

Энергетика вазирлиги марказий аппаратида умумий штатлар сони доирасида барча ташкилот ва корхоналарда энергия ресурслари истеъмолининг таҳлилини ўтказиш билан шуғулланувчи таркибий бўлинма ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Энергетика вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Ҳудудий бошқарма 1 нафар раҳбар, электр энергияси таъминоти бўйича 1 нафар мутахассис, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 1 нафар мутахассис, маҳаллий ва импорт кўмир таъминоти бўйича 1 нафар мутахассис ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлиги бўйича 1 нафар мутахассис ходимдан иборат бўлади.

Янгиликлар