Сирдарёда машина олиб қочиб, сўнг ёқиб юборган эркак қамоққа олинди

Сирдарё вилояти Сардоба туманида 9 апрель куни эшиги очиқ ва калити жойида қолган «Nexia-1»ни олиб қочган эркак ушланди.

Хабарга кўра, туманнинг Турон кўчасида яшовчи 42 ёшли А.М. вилоят 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, 9 апрель куни соат 04:00 дан соат 06:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс у томонидан ишончнома қоғози асосида бошқарувида бўлган оқ рангли «Nexia-1»ни олиб қочиб кетганини билдирган.

Ҳолат юзасидан Сардоба тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жабрланувчига тегишли автомашина Сардоба тумани Қўйитош маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автойўлининг 6-километрида тўлиқ ёнган ҳолатда топилган. Автомашина кўздан кечирилган вақтда номаълум шахс томонидан машинанинг давлат рақамлари ва муқаддам мавжуд бўлган газ баллони ҳамда орқа юкхонасидаги захира ғилдираги ечиб олиб кетилгани аниқланган.

Тергов-тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, мазкур жиноятни Сардоба туманида яшовчи, муқаддам судланган 30 ёшли К.Р. содир этгани аниқланган. Унинг хонадони тинтув қилинганида олиб қочилган бир дона газ баллони ҳамда бир дона автомашина захира ғилдираги мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Жиноят иши бўйича К.Р. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми «г» банди ва 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Янгиликлар