Ўзбекистон фуқаролари Россияга киритилмаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Ўзбекистон фуқаролари Россияга киритилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси буни рад этди.
Маълум қилинишича, бунга аниқлик киритиш мақсадида Москва шаҳридаги барча аэропортларнинг масъул ходимлари билан боғланилган. Натижада Москва шаҳридаги “Домодедово”, “Внукова”, “Шереметево” аэропортларда Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига қўйилмаётгани ёки узоқ вақт давомида ушлаб туриш ҳолатлари кузатилмаётгани аниқланган.
Бундан ташқари, автомашиналар орқали Россияга киришдаги Оренбург, Самара, Саратов вилоятларидаги “Озинки”, “Маштаково”, “Сагарчин” божхона чегара постларидаги ҳолатлар ҳам ўрганилганда, ушбу чегара постлари доимий иш тартибида ишлаётгани, Ўзбекистон фуқаролари бирон-бир тўсиқларсиз Россия ҳудудига кираётгани маълум бўлган.