Қирғизистон президенти Садыр Жапаров Ўзбекистонга ташриф буюради
Қирғизистон президенти Садыр Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати хабар беради.
Садыр Жапаров ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Томонлар барча соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, шунингдек, Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Садыр Жапаров Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунларининг расмий очилиш маросимида иштирок этади. Шунингдек, давлат раҳбарлари иштирокида амалга оширилаётган икки томонлама лойиҳаларнинг ишга тушириш маросими бўлиб ўтади.
Ташриф муносабати билан Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми, икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари форуми каби қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.