Ўзбекистонда ноқонуний фаолият олиб борган психологлар учун жарима қолланилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, – деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Ҳужжат Ўзбекистон аҳолисига психологик ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солишни, жумладан, психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий тушунчалари мазмунини, психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, вазифалари, турлари, шакллари ва стандартларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади.

Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Бундан ташқари психологик ёрдам кўрсатувчи юридик шахслар  шартли равишда, психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши керак.

Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам олувчи шахслар тоифаларини аниқлаштириш, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги касб-ҳунар бирлашмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутилган.

Бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатиш ёки қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя қилмаслик, унга нисбатан базалик ҳисоблаш қийматининг 5 бараваридан – 10 бараваригача (1,7 млн сўмдан — 3,4 млн сўмгача), мансабдор шахслар учун 10 дан – 15 бараваригача (3,4 млн сўмдан 5,1 млн сўмгача) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Янгиликлар