Тошкент вилоятида «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ ўлдирилди

Фото: ekolog.uz
Хабарга кўра, Алишер Мақсудов имзоси билан «Қизил китоб»га киритилган Тяньшан қўнғир айиқларидан иккитасини отиш учун Россия фуқароси Е.Ш.га 2021 йил 3 март куни рухсатнома берилган.
Қайд этилишича, ушбу рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.
«Давлат экология қўмитаси раиси рухсатномаси билан қачонки том маънода атроф-муҳит муҳофазасига жонкуяр бўлган, табиатни асраб-авайлашга ҳиссасини қўшадиган раҳбар келмаса, табиатимизга қирон келтирилади. Ўтган йиллар Қашқадарё ва Наманганда аҳоли ва браконьерлар томонидан ўлдирилган айиқлар ҳақида ёзгандик. Фуқаролар айиқни ўзини ҳимоялаш учун, браконьерлар пул учун ўлдиргани маълум бўлганди. Аммо, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари «Қизил китоб»га киритилган айиқни отишга рухсат берса-чи? Дардингни кимга айтасан?» – дейилади хабарда.
Шунингдек, бундай айиқлардан атиги 150 дона атрофида қолгани таъкидланган.