Тошкентда сохта «права» сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош қилинди
Жиззах вилояти ИИБнинг маълумотига кўра, 2022 йил ўрталарида Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб, IT компанияларидан бирида фаолият юритаётган 2 нафар бухоролик йигит сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш режаcини тузишган. Улар ижтимоий тармоқлардаги канал ва гуруҳларда муайян нарх эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси сотилиши ҳақида эълонлар тарқатишган.
Фирибгарлар ҳар битта категория бўйича турли нархлар белгилашган. Масалан, A,B,C категория учун 3,5 млн сўм, D, E учун 4 млн сўм, ҳам D ҳам E учун эса 5,5 млн сўм тўланиши керак бўлган.
Улар инсонларга ўзларини ИИО ходимлари сифатида таништирган. Қилмишлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун бегона кимсадан банк пластик картасини сотиб олишган. Ўқимасдан осонгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни мақсад қилганлар эса ушбу карталарга тўловни амалга оширган.
Йигитлар чув тушган инсонларни ишонтириш мақсадида фотошоп орқали ясалган сохта гувоҳномалар расмини юборган ва шунингдек ижтимоий тармоқларда «мана гувоҳномани олдим» мазмунидаги видеолар тарқатишган. Бундан ташқари, улар Россияда яшовчи фуқаро билан интернет орқали боғланиб, ундан пул эвазига муайян шахсга тегишли фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ускунадан чиқиш жараёни акс этган видео олишган ва бу видеоларни ҳам реклама тариқасида тарқатишган.
Қайд этилишича, фирибгарликда гумонланаётганлар ўз мижозлари билан ҳеч қачон кўришмаган. Онлайн мулоқот чоғида ҳам юзларини кўрсатишмаган.
Фирибгарларга ишониб, пули ҳавога учган инсонларнинг бирортаси бу ҳақида шикоят қилмаган. Ижтимоий тармоқларда шу каби эълонларни кўриб қолган ИИО ходимлари томонидан уюшган жиноий гуруҳни фош этиш чора-тадбирлари кўрилиб, дастлаб Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Карвон маҳалласида яшовчи шахс қўлга олинган ва гумонланувчидан Notebook, уяли алоқа воситалари, банк картаси ва 10 млн 800 минг сўм ҳужжатлаштирилиб олинган.
Тезкор суриштирувлар натижасида, жиноий гуруҳнинг барча аъзоси ушланган. Қўлга олинганлар орасида жиноий гуруҳ фаолиятини бошқарган икки нафар бухоролик йигит, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасининг фотосуратларини ясаган дастурчи ва ижтимоий тармоқда гуруҳларни ташкил қилган 6 нафар шахс бор.