Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади
6 август куни Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, Президент Шавкат Мирзиёев нутқида умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиб, қатор таклифларни илгари сурди.
Таъкидланганидек, Шавкат Мирзиёев Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганини айтди.
Қайд этилишича, минтақада миллий иқтисодиётлар ва аҳоли сони ўсиши таъсирида энергетик хавфсизлик масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан умумий энергетика маконини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунда «яшил» энергетика ва энергия тежамкор технологияларни жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Будан ташқари, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни ҳамда минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, биринчи йиғилиш кун тартибига озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий қилиш масаласини киритиш таклифини билдирди.
«Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этаётган ёшлар муҳим ўрин тутишини барчамиз англаб турибмиз. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, давлатимиз раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди ва Марказий Осиёнинг маданий меросига бағишланган фестиваллар, маданият ва кино кунларини ўтказиш, биргаликда китоблар нашр қилиш муҳим эканини таъкидлади.
«Бугунги саммит муҳим воқеа – давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу йиллар барчамиз учун қийин давр бўлди. Асосий хулоса шуки, биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтирамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ!» – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Президентимиз Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашган эди.