Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги  21-Меҳрибонлик уйини бориб кўрди

28 июль куни Президент яратилган шароитлар билан танишиб, болаларнинг машғулотларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, болаларга ихтисослашган таълим бериш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича методика яратиш вазифаси қўйилди.

Қайд этилишича, муассасада 122 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Уларнинг 47 нафари етим, 75 нафари ижтимоий етим болалар.

Таъкидланишича, таълим масканида малакали ўқитувчи, психолог, логопед, дефектологлар фаолият юритмоқда. Робототехника, ментал арифметика, сартарошлик, пазандалик, тикувчилик тўгараклари ташкил этилган.

«Бугун келишимиздан мақсад сизлар билан кўришиб, сизларнинг тимсолингизда барча тарбияланувчилар учун шароитларни бундан-да яхшилаш, иложи борича, оиладагидек муҳит, тарбия ташкил қилиш. Ҳамма билан тенг бўлиб таълим-тарбия олишингиз, олийгоҳларда ўқиб, касб эгаллашингиз, уй ва иш билан таъминланиб, ҳаётда муносиб ўрин топишингиз учун имкониятлар яратамиз. Шуни билингларки, сизларнинг ота-онангиз, ватанингиз бор. Давлат сизларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмайди», — деди Президент.


Шунингдек, давлат раҳбари барча Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.

Янгиликлар