Тошкент вилоятида 5 туп чинор дарахтини кесган шахслар озодликдан маҳрум этилди
2023 йил 5 декабрь куни бир гуруҳ шахслар Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида моторли арра ва бошқа иш қуроллари ёрдамида 5 туп кўп йиллик шарқ чинори дарахтларини қонунга хилоф равишда таг қисмидан кесиб олишгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, улар кесилган 5 туп чинор дарахтларини бўлакларга бўлиб, сотиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган «Тахта бозори»га олиб кетишаётганида ИИО ходимлари томонидан йўлда тўхтатилган.
5 туп чинор дарахти кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига жами 247 180 000 сўм моддий зарар етказилгани аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан уларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Уларнинг бирига ЖКнинг 198-моддаси 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган бўлса, унинг қолган жиноий шерикларига ҳам ЖКнинг тегишли моддаларига асосан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.