Қорақалпоғистонда маст эркак мактабга болта кўтариб келди

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги мактабга қўлида болта билан келган фуқаро Миллий гвардия қоровули томонидан тўхтатиб қолинди.

Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар қилишича, 4 март куни соат 15:40 ларда туманнинг “Даўир” маҳалласида  жойлашган 4-сонли мактабда, янги жорий қилинган тизимда хизмат ўтаётган Миллий гвардия қоровул ходими мактабга маст ҳолда қўлида болта билан келган эркакни тўхтатиб қолган.

Ушбу фуқаро мактабнинг кириш жойида хизмат ўтаётган қоровул ходимининг бегоналарни мактаб ичкарисига киритмаслиги тўғрисидаги огоҳлантиришига ва талабларига бўйсунмасдан, курткаси ичидан болта чиқариб жанжал кўтариб турган пайтда “ташвиш” хабари асосида чақирилган ва етиб келган туманқўриқлаш ходимлари томонидан қўлга олинган.

Олиб борилган дастлабки ўрганишлар давомида ушбу фуқаро, Тахтакўпир туманида яшовчи 45 ёшли фуқаро С.Д. экани, мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи Р.Б.ни кўришга келгани ва гаплашиб кетмоқчи эканлигини, қўлидаги болтани эса ўтин чопиш олдидан ўткирлатишга олиб чиққанини маълум қилган.

Фуқаро С.Д. тезкор гуруҳ ходимлари томонидан туман Тиббиёт бўлимига олиб борилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилгани бўйича маълумоти олингандан сўнг, туман ИИБ профилактика инспектори билан бирга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мастлик ҳолати бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Тахтакўпир тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар