Жанубий Кореяда содир бўлган йирик ёнғин оқибатида 20 киши ҳалок бўлди
Ёнғин Жанубий Кореянинг Хвасон шаҳридаги «Aricell» аккумуляторлар ишлаб чиқариш заводида содир бўлиб, унинг оқибатида 20 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Yonhap» нашри, ўт ўчириш хизмати тақдим этган маълумотларга таяниб ҳабар бермоқда.

Аниқланишича, ёнғин Хвасондаги «Aricell» заводида бошланган. Тахминларга кўра, батареялар портлаган, улардан камида 35 мингтаси завод ҳудудида бўлган.
Маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида жами 23 киши бедарак йўқолган. Ўт ўчирувчилар улардан 20 нафарининг жасадини топишган. Ҳалок бўлганлар орасида хорижликлар, жумладан, Хитой фуқаролари ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозирча аниқ қанча одам ҳалок бўлгани маълум эмас.
Агентликнинг ҳабар беришича, ўт ўчирувчилар зўрға ёнғинни назорат қилиб, завод ичига киришган.





