Хоразмда 6 килодан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини сақлаётган шахслар аниқланди
Хоразм вилоятида ўтказилган қатор тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Хива туманида олдиндан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, 1,8 кг дан зиёд оғирликдаги марихуана яширинча сақланаётгани аниқланди.
Шунингдек, Хонқа туманида шубҳа остига олинган шахснинг хонадони кўздан кечирилганида, хонадон чордоғида 2 кг дан зиёд марихуана сақланаётгани фош бўлди.
Бундан ташқари, Хива туманида олдиндан кузатувга олинган шахснинг уйида 2,6 кг дан зиёд марихуана ҳамда 3,7 грамм «гашиш» борлиги аниқланди.
Барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.