ОТМ талабалари учун ягона форма жорий этилиши рад этилди 

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ягона талаба формаси жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу хабарларни рад этиб, улар нотўғри талқин этилаётганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, ушбу нотўғри хабарлар асосида кўрсатилаётган ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамадаги қарор лойиҳасига илова қилинган «Олий таълим ташкилоти брендини яратиш тўғрисидаги низом»дир. Мазкур лойиҳада талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки уни мажбурий тарзда талаб қилишга доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

Аксинча, ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг тарихий, маданий ва ҳудудий хусусиятларига мос корпоратив услуб ва рамзларни (логотип, ранг схемаси ва ҳ.к.) ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бу эса университетларнинг нуфузини ошириш, уларни халқаро миқёсда самарали тарғиб этиш мақсадларига хизмат қилади.

Вазирлик эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга эканини, уларни қўллаш масаласи ҳар бир олий таълим муассасасининг ички қарорига боғлиқлигини таъкидлади.

«Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахсий эркинлиги ва ҳуқуқлари амалдаги қонунчилик асосида ҳимоя қилинади», дейилади вазирлик баёнотида.

 

Қарорлар