Хитойда кўршапалакларда одамга юқиш эҳтимоли бўлган вируслар аниқланди
Хитойнинг Эндемик касалликларни назорат қилиш институти олимлари одамлар учун хавф туғдирувчи иккита янги вирусни аниқлади. Бу ҳақда EurekAlert нашри хабар берди.
Бу вируслар генетик жиҳатдан ўлим даражаси юқори бўлган Нипаҳ ва Ҳендра вирусларига яқин ҳисобланади.
Қайд қилинишича, тадқиқот доирасида олимлар Юннан провинциясининг бешта ҳудудида яшовчи 10 турга мансуб 142 кўршапалакнинг буйрак тўқималарини ўрганиб чиққан. Генетик таҳлиллар натижасида улар жами 22 та вирусни аниқлади, шундан 20 таси илгари фанга номаълум бўлган. Улардан айниқса Ҳенипавирус туркумига мансуб икки вирус Нипаҳ ва Ҳендра вирусларига ўхшашлиги билан хавотир уйғотган.
Бу вируслар асосан одамлар яшайдиган ҳудудлар яқинидаги мевали дарахтлар атрофларида учрайдиган кўршапалаклардан аниқланган. Тадқиқотга кўра, Ҳенипавируслар кўршапалак сийдиги теккан мевалар орқали одамлар ёки чорва ҳайвонларига юқиши мумкин.
Бундан ташқари, олимлар Клоссиэлла юннаненсис номли янги протозоа (бир ҳужайрали паразит) ҳамда икки турдаги бактерияларни аниқлаган. Бактериялардан бири илгари номаълум бўлган янги тур бўлиб, Flavobacterium yunnanensis деб номланган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу кашфиётлар кўршапалак буйракларидаги инфектом (яъни микроорганизмлар мажмуаси) ҳақида янги билимлар беради. Шу билан бирга, зооноз — ҳайвондан одамга юқадиган касалликлар хавфини тўлиқ баҳолаш учун ҳайвон аъзоларини янада чуқур ўрганиш зарур.