Ўзбекистонда «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури ишга туширилади 

Ўзбекистонда «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» номли янги дастур бошланади.  Бу ҳақда 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда эълон қилинди.

Дастур доирасида тиббиёт муассасаларида беморлар учун қулайликлар яратиш, санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш ва инклюзив муҳитни таъминлаш мақсад қилинган.

Йиғилишда вилоят ҳокимларига кутиш залларида қулай ўриндиқларни кўпайтириш, навбатларни тартибга келтириш, она-бола хоналарини ташкил қилиш, ногиронлар учун мос инфратузилма яратиш ва иссиқ сувли,  тоза ҳожатхоналар барпо этиш вазифаси топширилди. 

Шунингдек, ҳар бир ҳокимлик бу ишлар учун 10 млрд сўмдан маблағ ажратилиши маълум қилинди.

Президентнинг таъкидлашича, тиббиёт муассасаларида маданият, тартиб-интизом ва инсоний муҳитни қарор топтириш орқали одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиш лозим.

Йиғилишда гигиенага оид алоҳида чора-тадбирлар ҳам белгиланди. Юқумли касалликларнинг 35-40% и  оддий гигиена қоидаларига риоя қилинмаслиги натижасида юзага келаётгани қайд этилиб, «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш бошланди.

Унга кўра:

• барча таълим ва тиббиёт муассасаларида қўл ювиш жойлари тўлиқ гигиена воситалари билан таъминланади;

• 126 та мактабда ички ҳожатхоналар қурилади;

• 6 мингдан зиёд боғчаларга гелиоколлекторлар ўрнатилади;

• 4 295 та ижтимоий муассасада сув баклари ва цистерналар барпо этилади.

Бу ишлар учун давлат бюджетидан 780 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. 

 

Қарорлар