Xiaomi кенгайтирилган экранли янгиланган Smart Band 10 ақлли билагузугини тақдим этди
Янгиланган версияда кенгайтирилган спорт имкониятлари ва уйқуни назорат қилишнинг янги тизими мавжуд
Xiaomi расмий равишда янги авлод фитнес-билагузуги — Xiaomi Smart Band 10 ни тақдим этди. Ушбу модель қулайлик, услуб ва соғлиқни аниқ назорат қилишга алоҳида эътибор билан яратилган.
Асосий кўзга ташланадиган фарқи — 1.72 дюймли AMOLED-экран бўлиб, ён четлари анча тор ва ёруғлик 1,5 минг нитгача етади. Шу туфайли экран тўғридан-тўғри қуёш нурларида ҳам яхши кўринади. Қурилма янги керамик — Pearl White (Марварид оқи) дизайнида ҳам тақдим этилган, аксессуарлар орасида эса осма кулон шаклидаги вариант ҳам бор.
Smart Band 10 150 дан ортиқ спорт режимларини қўллаб-қувватлайди. Янгиланган сузиш режимида билагузук юрак уришини реал вақтда кузатади ва бассейндаги айланишларни аниқ ҳисоблайди. Бу эса 5АТМ сув ўтказмаслиги ва 9-ўқли сенсор ёрдамида амалга ошади.
Бу моделда уйқуга ҳам алоҳида эътибор қаратилган: одатдаги трекингдан ташқари, уйқу самарадорлиги ва унинг фазалари баҳоланади, шунингдек, World Sleep Society, Осиё уйқу тиббиёти жамияти ва Хитой уйқу тадқиқот институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 21 кунлик уйқуни яхшилаш дастури ҳам тақдим этилган.
Аввалги моделлар каби, Smart Band 10 ҳам қондаги кислород даражаси, юрак уриши, стресс даражаси каби кўрсаткичларни кузатади ва Bluetooth орқали юрак ритмини мос қурилмаларга узата олади.
Қурилма Xiaomi HyperOS 2 экотизими билан тўлиқ мослашган бўлиб, унинг орқали смартфон, планшет ва қулоқчинларни билакдан туриб бошқариш мумкин. Қўшимча функциялар орасида — огоҳлантиришлар, тезкор жавоблар, календарь, мини-ўйинлар ва 200 дан ортиқ циферблатлар мавжуд.
Автоном ишлаш вақти — оддий режимда 21 кунгача, Always-on Display ёқилган ҳолда — 9 кунгача. Билагузук тахминан 1 соатда тўлиқ қувватланади.