Муқобилсиз акцизларнинг ошиши: даромад йўқотиш ва контрабанданинг ўсишими?
Нидерландия тажрибаси ва Ўзбекистон учун илк сабоқлар: фискал чоралар қандай қилиб соя бозори кучайишига олиб келади
Яқинда «Ўзбекистон 24» телеканалида Голландиядаги акциз сиёсатининг ижобий натижалари ҳақида лавҳа эълон қилинди. Аммо 2024 йил якунлари бўйича мавжуд рақамлар тамаки бозорида бошқа тенденцияларни ҳам кўрсатмоқда.
Нархларнинг кескин ошишига қарамай, умумий тамаки истеъмоли камаймади — истеъмолчилар одатдан воз кечиш ўрнига оммавий равишда ноқонуний маҳсулотларга ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан арзон импортга ўтдилар. Миллатни соғломлаштиришга қаратилган акциз дастаги «қора» бозорнинг ўсиши ва бюджетнинг кўп миллионли йўқотишларига олиб келди.
Нидерландияда бир қути сигаретнинг чакана нархи 11 еврони (150 минг сўмдан ортиқ) ташкил этади, шундан деярли 8 евро солиқлардир — бу тамаки нархидан юқори. Ҳукумат икки томонлама ижобий таъсирни кутган эди: бюджет даромадларининг ўсиши ва чекувчилар сонини камайтириш орқали миллатнинг соғломлашуви. Натижа тескари бўлиб чиқди: KPMG’нинг «Illicit Cigarette Consumption in Europe» тадқиқотига кўра, 2024 йилда қонуний сотувлар 22% га камайган, контрабанда ҳажми эса 135% га ошган, хориждан, асосан Белгия, Германия ва Шарқий Европа мамлакатларидан олиб кирилаётган арзон маҳсулотлар улуши ҳам 53%га ошган.
Голландияда чекилган тамаки маҳсулотлари ҳажми деярли ўзгармаган: ўтган йили 10,63 млрд дона бўлган сигарета бу йил 10,69 млрдга етган. Фақат энди уларнинг сезиларли қисми солиққа тортилмайдиган каналлар орқали сотиб олинмоқда. Баҳолашларга кўра, бу давлат бюджетини йилига 900 млн еврогача солиқ тушумларидан маҳрум қилмоқда.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқда: тамаки истеъмолини камайтиришда муқобил ёндашувлар, хусусан зарарни камайтириш стратегияси муҳим роль ўйнай бошлаган. Ушбу ёндашувга кўра, асосий хавф манбаи никотин эмас, балки ёниш маҳсулотларидир. Тамаки ёнганда 7,5 мингдан ортиқ кимёвий бирикмалар ҳосил бўлади, улардан 60 таси канцерогенлардир. Шу сабабли вейп, иситиладиган тамаки тизимлари, никотин қопчалари каби тутунсиз маҳсулотлар тобора оммалашиб бормоқда, чунки улар токсик юкни 70-95% га камайтиради.
Масалан, Швецияда никотин қопчалари қонуний равишда мавжуд бўлиб, мамлакат чекувчиларнинг 5% дан кам улуши билан Европада тутунсиз (smoke-free) мақомига энг яқин ҳудудга айланган. Японияда эса тамаки қиздириш маҳсулотлари жорий этилгач, сигарет савдоси 10 йил ичида 50% дан ортиққа камайган.
Ўзбекистон Нидерландия тажрибасидан ибрат олиб тамаки бозори бўйича муҳим қарорлар қабул қилмоқда. 2023 йилда сигарет акцизлари оширилди, 2024 йилда эса снюс маҳсулотларига тақиқ жорий қилинди. Натижада 2023 йил июль ойида ноқонуний тамаки маҳсулотларининг улуши 24,8% ни ташкил этди. Бироқ, солиқ, божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган мувофиқлаштирилган ишлар самараси ўлароқ 2025 йилнинг май ҳолатига кўра, ноқонуний маҳсулотлар улуши 9% га тушди — бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Шунга қарамасдан муаммо ҳали ҳам бюджет ва аҳоли саломатлиги учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда.
Аммо узоқ муддатли барқарорлик учун тақиқ ва солиқни оширишдан ташқари, муқобил ёндашувлар ва илмий асосланган стратегиялар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатадики, солиқ ставкаси қанчалик юқори бўлса, ноқонуний бозорга қизиқиш шунчалик юқори бўлади. Агар мақсад ҳисобот рақамлари эмас, реал истеъмолни камайтириш бўлса, илмий асосланган ёндашув ва мослашувчан сиёсатсиз иш битмайди.