«Маҳалла сервис» ходимлари даромадлари солиқдан озод этилади
Ўзбекистонда «Маҳалла сервис» компаниялари ходимларининг фаолияти натижасида олинган даромадлари эндиликда солиқдан озод этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу президент томонидан 26 июнь куни имзоланган ва Солиқ кодексига киритилган янги қўшимчаларда назарда тутилган.
Қонунга кўра, «Маҳалла сервис» компаниялари томонидан маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолига қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий пулли хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар солиқ солинмайдиган даромадлар сифатида белгиланди.
Шунингдек, мазкур хизматлар кўрсатиладиган бинолар жойлашган ер участкалари ер солиғи объектига киритилмайди.
Яна бир муҳим жиҳат — Чернобил АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган фуқаролар ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари олган даромадлар ҳам солиқдан озод этилади.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ҳамда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналари дирекциялари 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача мол-мулк, ер ва сув ресурслари солиқларини тўлашдан озод қилинади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.