«Дўстлик» метро бекатидан Янги Тошкентгача метро йўли қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Тошкентда режалаштирилаётган қурилиш ва транспорт инфратузилмаси лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, пойтахт ва Янги Тошкент орасида узунлиги 21 километр бўлган янги метро йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Йўл «Дўстлик» бекатидан бошланиб, Янги Тошкент марказигача боради. Метро 9 та бекатдан иборат бўлиб, кунига 230 минг йўловчига хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимотда шунингдек, Тошкент трактор заводи йўналишига олиб борувчи метрополитен лойиҳасининг 2 босқичли қурилиши, Чилонзор туманида 160 мегаваттли электр подстанцияси ва 20 минг куб метрли сув резервуари барпо этилиши, CAEx ҳудудида музокара заллари қурилиши ҳам муҳокама қилинган.
Шавкат Мирзиёев метро, электр ва ичимлик суви лойиҳалари доирасида қурилиш сифати, хавфсизлик ва аҳоли учун қулайлик масалаларига алоҳида эътибор қаратишни топширди.