Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун янги йўл белгиси жорий этилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларига пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига кўра, «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси жорий этилади.
Энди шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчаларда, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларида ёритиш мавжуд бўлиб, юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов жорий этилган участкаларда, турар жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари ва таълим ташкилотлари олдидаги йўл участкаларида, оммавий дам олиш жойлари, стадионлар, вокзаллар, савдо марказлари каби одам кўп тўпланадиган жойларда «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларга «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари ўрнатилиши белгиланди.
Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари биргаликда икки ой муддатда таҳлиллар асосида 2025–2026 йилларда «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ва йўл ётиқ чизиқларини ўрнатиш зарур бўлган жойлар рўйхатини тасдиқлайди.