Андижон хорижга 2,8 млн долларлик қовун экспорт қилди

Андижон вилояти 1 сентябрь ҳолатига кўра, хорижий мамлакатларга қиймати 2,8 миллион доллар бўлган 7,1 минг тонна қовун экспорт қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қўмита маълумотларига кўра, мамлакатда етиштирилган қовунлар 16 та хорижий давлатлар бозорларига етказиб берилган. Мазкур давлатлар орасида Қозоғистон (13,1 минг тонна), Қирғизистон (12,4 минг тонна) ва Россия (5 минг тонна) юқори улушга эга.

Шунингдек, Ўзбекистон 1 сентябрь ҳолатига қиймати 14,7 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 38,5 минг тонна қовун экспорт қилган.

Қайд этилишича, 2020 йил Нидерландия, Молдова, Чехия ва Грузия давлатларига биринчи бор қовун экспорт қилинган.

Маълумот ўрнида, экспорт қилинган мазкур қовун маҳсулотининг энг кўп улуши Жиззах (7,6 минг тонна), Андижон (7,1 минг тонна), Фарғона (5,1 минг тонна), Наманган (4,6 минг тонна) ва Сирдарё (4,0 минг тонна ) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Аввалроқ БАА, Россия, Хитой, Индонезия ва Европа давлатларига Наманганда етиштирилган 4,3 миллиард долларлик қовун экспорт қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар