Андижон шаҳар ҳокими 13 та маҳаллага хизмат қилувчи поликлиника фаолияти билан танишди (фото)
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 13 та маҳаллага хизмат қилувчи поликлиника фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шуҳрат Абдураҳмонов берган топшириғи асосида, шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 6 октябрда Андижон шаҳридаги 1-оилавий поликлиника фаолиятини ўрганди. Поликлиника 13 та маҳаллага хизмат қилади. Поликлиникада 35 та амалиёт шифокори ҳудудларга бўлиниб, тиббий текширувлар олиб боради.
Хабарга кўра, шаҳар ҳокими поликлиниканинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ва COVID-19 бўйича мобил гуруҳлар фаолияти, изоляция хонаси, дори-дармон захира омбори ва патронажлар иш фаолияти билан танишган.
Шунингдек тиббий анжомларнинг сифати, шифокорларнинг фаолияти, фуқароларнинг поликлиникага келиб-кетиши ва даволаниши бўйича муаммолар бўлмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳар ҳокими тиббиёт муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирганди. Шунингдек, Қўштепа ҳокими юқумли касалликлар шифохонасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини текширган.