Қўштепа ҳокими юқумли касалликлар шифохонасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини текширди (фото)
Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими Илёсбек Новиков тумандаги юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, шифохонани куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр эканлиги билан танишди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га маъълум қилди.
Маълум бўлишича, шифохонада электр энергияси тармоқлари, сув ва канализация тизимлари куз-қиш мавсумига тахт холатга келтирилган. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шифохонанинг 150 метр кириш қисмига асфальт ётқизилган.
Беморларга мўлжалланган қўшимча ўрин-жойлар яратилиб, уларнинг даволаниши учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, сунъий нафас олиш ускуналари 60 донадан 100 тага етказилиб, қўшимча 30 та кислород балонлари олиб келинган.
Шунингдек, туман ҳокими коронавирус касаллигини даволаш учун беморларга яратилган заҳира жойларни ҳам бориб кўрган. Бундан ташқари туман халқ таълими бўлимига қарашли 1, 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларининг спорт заллари хона-хоналарга бўлиниб, жами 300 та ўрин-жой хозирланган. Ҳар бир хонага каравот, санитария эҳтиёж хонаси, тиббий жиҳозлар ўрнатилган.
Аввалроқ Уйчида мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати текширилгани, Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон шаҳар деҳқон бозорини кўздан кечиргани хабар қилинган эди.